Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида фуқароларга пул эвазига Саудия Арабистонига «Умра» зиёратини амалга ошириш учун сафарларни ташкил этиб беришни таклиф қилган икки киши ушланди.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида авиачипталар сотиш шохобчаси раҳбари фуқароларнинг «Умра» зиёратини амалга ошириш учун сафарларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаганига қарамай, маҳаллий аҳолидан бири билан ишончли муносабат ўрнатган ва ундан зиёратни ташкил этиш учун 1150 АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ушбу шахсни талаб қилинган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушлаган.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Сирдарё вилоятида аниқланган. 1988 йилда туғилган Гулистон тумани аҳолиси вакили уч нафар фуқародан Саудия Арабистонига сафарни ташкил этиш учун жами 3150 АҚШ доллари талаб қилган.
Унинг айтишича, сафар Тошкентдаги тегишли ваколатларга эга экани айтилган туризм компанияси орқали ташкил этилиши керак бўлган.
Эркак 3,5 миллион сўм миқдорида олдиндан тўлов олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича ушланган шахсларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.