Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Йоханна Мария Огрэн билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Финляндия компанияларини Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари Финляндия бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Томонлар мавжуд ҳамкорлик механизмларидан, жумладан, Ҳукуматлараро комиссия ва соҳавий бизнес-форумлардан янада фаол фойдаланишга келишиб олди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар аниқ қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва узоқ муддатли, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.