Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги муқаддас Макка шаҳри томон йўналтирилган учувчисиз учиш аппарати ёрдамида ҳужум уюштиришга бўлган уринишни қатъиян қоралади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон томони Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ ҳамжиҳатлигини билдирди ва муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ҳамда фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатни номақбул деб ҳисоблашини таъкидлади.
Вазирлик барча томонларни ўта вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, шунингдек, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.
ТИВ, шунингдек, кескинликни пасайтириш, можаронинг янада кенгайиб кетишининг олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.