Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати лотин алифбосига ўзгартишларни маъқуллади

Дилафруз Ниязова · 10.09.2026 · 13:10 · 30 views
Ўзбекистон Сенати лотин алифбосига ўзгартишларни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати лотин алифбосига ўзгартишларни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон сенаторлари Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида «“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонунни маъқуллади.

Қонун билан “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида Қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.