Ўзбекистон Сенати ICAO авиация протоколларини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида “Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни (Монреаль, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур баённомалар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг бошқарув ва эксперт органларида аъзо давлатлар вакиллигини кенгайтириш, қарор қабул қилиш жараёнида минтақавий манфаатларни янада мувозанатли ҳисобга олиш ҳамда ташкилотнинг институционал ва экспертлик салоҳиятини оширишга қаратилган.
Сенаторлар фикрича, конвенцияга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистоннинг Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти доирасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, ташкилотда амалга оширилаётган институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Қонун Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг бошқарув органларига Ўзбекистон вакилларини илгари суриш, минтақавий манфаатларни ифодалаш ва мамлакатимизнинг халқаро авиация соҳасидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.