Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар ҳамда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг қарийб ўн нафар элчиси ва дипломати билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини қайд этиб, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Иштирокчилар Фарғона вилоятининг Европа давлатлари билан савдо-иқтисодий, инвестиция, саноат, туризм ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик салоҳиятини муҳокама қилди.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.