Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишди

Дилафруз Ниязова · 05.09.2026 · 11:40 · 43 views
Ўзбекистон ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Парламентлараро иттифоқ ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишди / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Анда Филип хоним билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Анда Филип Ўзбекистоннинг ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади. Хусусан, Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича глобал форум, Тошкентда жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг саммити, Самарқанд ва Бухорода Осиё хотин-қизлар форумлари ўтказилгани мамлакатимизнинг халқаро парламентлараро мулоқотдаги фаол иштирокининг муҳим натижалари сифатида қайд этилди.

Шунингдек, 2025 йил апрель ойида Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси Марказий Осиёда илк бор ўтказилгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан парламентларнинг халқаро ва глобал жараёнлардаги ролини кучайтиришга қаратилган резолюциялар қабул қилингани ҳам мамлакатимизнинг парламент дипломатияси соҳасидаги муҳим ташаббусларидан бири сифатида эътироф этилди.

Парламентлараро Иттифоқнинг янги Стратегияси доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, янги қўшма ташаббус ва амалий лойиҳаларни илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.