Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон Туркий инвестиция фонди (ТИФ) Бошқарувчилар кенгашига навбатдаги йиллик йиғилишга қадар раислик қилади.
Бу ҳақда Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида ўтказилган кенгашнинг учинчи йиғилишида қарор қабул қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон номидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев иштирок этди.
Йиғилишда фонд фаолияти натижалари сарҳисоб қилинди ва унинг келгуси иш йўналишлари бўйича устувор вазифалар белгиланди. Асосий эътибор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш кўламини кенгайтириш, қўшимча ресурсларни жалб қилиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Томонлар транспорт-логистика инфратузилмаси, саноат кооперацияси, энергетика ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги лойиҳалар портфелини шакллантириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.
Муҳокамаларнинг алоҳида қисми Туркий инвестиция фондида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, операцион самарадорликни ошириш ва фонднинг бошқарув органлари ўртасидаги ваколатларни аниқ белгилаш масалаларига бағишланди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар ТИФ фаолиятини янада ривожлантириш ва қўшма инвестиция ташаббусларини илгари суриш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди.