Иқтисод

Ўзбекистонда шиша ва пластик идишлар учун гаров пули жорий этиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда шиша ва пластик идишлар учун гаров пули жорий этиш таклиф қилинди
Ўзбекистонда шиша ва пластик идишлар учун гаров пули жорий этиш таклиф қилинди / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ичимликлар учун ишлатиладиган пластик ва шиша бутилкалар, шунингдек, алюминий банкаларга нисбатан мажбурий депозит тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Ташаббус «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси билан боғлиқ. Бу ҳақда 20 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Искандар Қутбиддинов маълум қилди.

Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, амалдаги тизим қадоқларни алоҳида йиғиш учун етарли иқтисодий рағбат яратмаяпти.

«Ихтиёрий тартиб амалиётга жорий этилмаган, бундай чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эса пастлигича қолмоқда — атиги 6,2 фоиз», — деди у. Унинг таъкидлашича, ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларига зарур инфратузилмани яратиш учун босқичма-босқич ўтиш даври берилиши керак.

Депозит тизимида товар нархига қадоқ учун гаров пули ҳам қўшилади. Харидор бўш идишни қабул қилиш пунктига топширгач, ушбу пулни қайтариб олади.

Европанинг бир қатор мамлакатларида бутилкалар дўконлар ичида ёки уларнинг ёнида ўрнатилган махсус автоматлар орқали қабул қилинади. Йиғилган қадоқлар кейинчалик қайта ишлашга юборилади.

Қўмита ушбу тизим чиқиндиларни алоҳида йиғишни рағбатлантириши, қайта ишлаш учун хомашё ҳажмини ошириши ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга ёрдам беришини кутмоқда.

Мажлисда гаров пули миқдори қанча бўлиши, тизим оператори ким бўлиши, идишларни қайси жойларга топшириш мумкинлиги ва янги қоидалар қачон кучга кириши аниқлаштирилмади. Мажбурий депозит тизими қонун лойиҳасида айнан қай тарзда мустаҳкамлангани ҳам ҳозирча номаълум.

Ўзбекистонда шунга ўхшаш механизм синовдан ўтказилмоқда. Сентябрь ойида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Норвегиянинг TOMRA компанияси билан ҳамкорликда идишларни фандоматлар орқали қабул қилиш бўйича пилот лойиҳани ишга туширди. Биринчи автоматлар 23 сентябрь куни Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида ишлай бошлади.

Топширилган ҳар бир бутилка ёки банка учун 150 сўм ҳисобланади. Бу маблағни Click орқали электрон ҳамёнга олиш ёки хайрияга йўналтириш мумкин. Депозит тизимидан фарқли равишда, ҳозирда аҳоли харид вақтида гаров пули тўламасдан мукофот олади.

Қонуннинг янги таҳрири айрим турдаги товарлар ва қадоқлардан ҳосил бўладиган чиқиндилар учун ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчиларнинг масъулиятини ҳам кенгайтиради.

Белгиланган ҳолларда утилизация йиғимини ундириш таклиф этилмоқда. Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, бу чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириши, қайта ишлашни рағбатлантириши ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларни чиқиндиларни бошқариш харажатларини қоплашга жалб этиши керак.

Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган, бироқ уларнинг атиги 5,2 фоизи сараланган. Мамлакатда чиқиндиларни алоҳида йиғишни уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш билан боғлайдиган ягона тизим ҳозирча мавжуд эмас.

Қонун лойиҳаси тўққизта боб ва 60 та моддадан иборат. Қадоқларни қайта ишлашдан ташқари, ҳужжат чиқиндиларни хавфлилик даражаси бўйича таснифлашни тартибга солади ҳамда давлат органлари ва операторларнинг масъулиятини аниқлаштиради. Шунингдек, чиқиндихоналар ва чиқиндиларни қайта юклаш станцияларига нисбатан янги талабларни жорий этади ҳамда соҳани молиялаштириш тартибини ўзгартиради.

Идишларни депозит тизими орқали қайтариш механизми аввалроқ, 2023 йил 31 майдаги Президент қарори билан истиқболли инновацион лойиҳалар рўйхатига киритилган эди.

2025 йил январь ойида Экология вазирлиги алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчиларини пластик қадоқларнинг 50 фоизини 2026 йилгача, 75 фоизини 2027 йилгача ва 100 фоизини 2028 йилгача қайта ишлашга мажбурлашни таклиф қилган эди. Ушбу кўрсаткичлар янги қонун лойиҳасига киритилган-киритилмагани мажлисда аниқлаштирилмади.

Қонунчилик палатаси ҳужжатни 20 октябрь куни биринчи ўқишда маъқуллади. Янги қоидалар кучга кириши учун қонун лойиҳаси кейинги қонунчилик босқичларидан ўтиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.