Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Швейцариянинг F. Hoffmann-La Roche Ltd (Roche) компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ҳужжат мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганишни назарда тутади.
Бунинг учун томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузади. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Меморандум Ўзбекистон фармацевтика инфратузилмасини ривожлантириш, инновацион препаратларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолаш ва халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган. Амалий қарорлар қабул қилинишидан олдин томонлар техник, регулятор ва иқтисодий омилларни комплекс равишда ўрганиб чиқади.
Ишчи гуруҳ таркибига агентлик ва Roche раҳбарияти вакиллари киради. Гуруҳ тадқиқот йўналишларини мувофиқлаштиради ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қўшма ҳисобот тайёрлайди.
Томонлар онкологик, гематологик, офтальмологик ва кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган препаратларни маҳаллийлаштириш имкониятларини таҳлил қилади.
Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқариш майдонларининг GMP халқаро талабларига мувофиқлиги ва уларнинг технологик салоҳияти баҳоланади.
Босқичма-босқич таҳлил давомида дори воситаларини иккиламчи қадоқлаш, сериялар сифатини назорат қилиш, айрим препаратларни бирламчи қадоқлаш ва технологиялар трансфери имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Агентлик баҳосига кўра, ушбу ташаббус Ўзбекистон фармацевтика саноатининг технологик салоҳиятини ошириш, инновацион препаратларни маҳаллийлаштириш истиқболларини аниқлаш ва халқаро сифат стандартларини жорий этишга ёрдам беради.