7
Иқтисод

Ўзбекистон Афғонистонда қурилиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди

Ўзбекистон Афғонистонда қурилиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди
Ўзбекистон Афғонистонда қурилиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси «O‘zshaharsozlik LITI» бош директори Бобур Элмурадов бошчилигида қурилиш, уй-жой хўжалиги ва инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Кобул шаҳрига борди.

Музокаралар давомида Афғонистон томонига турар жой ва бизнес мажмуаларини қуриш, саноат зонасини ривожлантириш ҳамда гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил этиш бўйича ташаббуслар тақдим этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири хабар берди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф буюрган куни Афғонистон шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши вазирининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Насих Раббоний ҳамда вазирликнинг бошқа вакиллари билан учрашди.

Афғонистон томони икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар дўстона хусусиятга эга эканини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Вазирлик вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон компанияларининг Афғонистондаги йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратишга тайёр эканини билдирди.

Бобур Элмурадов «O‘zshaharsozlik LITI» ва «Kommunal LITI» ташкилотлари фаолияти ҳақида маълумот бериб, қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича таклифларни баён этди.

Жумладан, Ўзбекистон томони Кобул шаҳрида бизнес мажмуаси ва турар жой биноларини қуришни, шунингдек, Кобул халқаро аэропорти яқинидаги 60 гектар майдонда замонавий турар жой ва ижтимоий мажмуа барпо этишни таклиф қилди.

Бошқа ташаббуслар қаторида «Ҳайратон» саноат зонасида лойиҳаларни амалга ошириш ва Мозори-Шариф шаҳрида гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил этиш ҳам бор. Ушбу корхона Ўзбекистонга етказиб бериш учун сифатли гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариши кўзда тутилган.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар «O‘zshaharsozlik LITI»нинг Кобул шаҳрида ваколатхонасини очиш имкониятини кўриб чиқди. Шунингдек, афғонистонлик мутахассисларнинг қурилиш соҳасида малакасини оширишни ташкил этиш таклиф қилинди.

Октябрь ойида Афғонистоннинг тегишли вазирлигида техник учрашувлар ўтказиш ва Кобулда амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, «Янги Кобул» ташаббуси билан танишиш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.