Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси Японияга амалга оширган ишчи ташрифи давомида туристик, маданий ва минтақалараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этди.
Делегацияга вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов раҳбарлик қилди. Сафарда Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон–Япония туристик ва бизнес форумида вилоят вакиллари ҳудуднинг туристик имкониятлари, тарихий-маданий мероси ва табиий диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумот берди.
Риштоннинг анъанавий кулолчилик санъатига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳудуд ўзининг ҳунармандчилик анъаналари билан машҳур.
Деловегация аъзолари ишбилармонлик учрашувларидан ташқари, Япониядаги анъанавий маданий тадбирларда ҳам иштирок этди. Майдзуру шаҳрида улар ҳарбий-денгиз объектининг туристик салоҳияти билан танишди.
Ташриф давомида Фарғона вилояти вакили Арофатхон Имомалиеванинг спортдаги ютуғи ҳам эътироф этилди. У Япониядаги анъанавий «Қизил ғишт» марафонида қатнашиб, учинчи ўринни эгаллади.
Ташкил этилган тадбирлар Фарғона вилоятининг туристик ва маданий салоҳиятини хорижда тарғиб қилиш, тажриба алмашиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.