Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича соф фойдаси 1,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,9 фоизга кам. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида банк 1,3 трлн сўм соф фойда олган эди.
Бу ҳақда Kapdepo инвестиция компанияси банкнинг openinfo.uz порталида эълон қилинган чораклик ҳисоботига таяниб хабар берди.
Фойданинг асосий камайиши учинчи чорак ҳиссасига тўғри келди. Июль–сентябрь ойларида банкнинг соф фойдаси 101,9 млрд сўмни ташкил этди. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 577,4 млрд сўм бўлган. Шу тариқа, соф фойда йиллик ҳисобда 82,3 фоизга қисқарди.
«Ўзсаноатқурилишбанк»нинг тўққиз ойдаги жами даромадлари 51,7 фоизга ошиб, 20 трлн сўмга етди.
Банкнинг кредитлар ва лизинг операциялари бўйича эҳтимолий зарарларни қоплаш учун захиралар шакллантиришга йўналтирилган харажатлари 9,7 трлн сўмгача ошди.
Шу билан бирга, банк аввал шакллантирилган 9,6 трлн сўмлик захираларни қайта тиклади ва ушбу суммани фоизсиз бошқа даромадлар таркибида акс эттирди.
Банк активлари бир йил давомида 9,5 фоизга ошиб, 104,2 трлн сўмга етди. Капитал эса 14,7 фоизга ўсиб, 13 трлн сўмни ташкил қилди.