Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда микроэлектроника, мехатроника ва интеграл микросхемаларни лойиҳалаш бўйича мутахассислар тайёрлайдиган ихтисослаштирилган ўқув ва баҳолаш марказини очиш режалаштирилмоқда.
Ташаббус Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Малайзиядаги Penang Skills Development Centre (PSDC) маркази билан ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.
Янги марказ вазирлик тизимидаги малака баҳолаш марказлари негизида ташкил этилиши кўзда тутилган. У замонавий технологик тармоқларда талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича касбий таълим бериш ва кўникмаларни баҳолашга ихтисослашади.
Фуқаролар «Касбий ваучер» тизими орқали малакасини ошириши ва янги касбларни ўзлаштириши мумкин бўлади. Лойиҳа микроэлектроника, мехатроника ва интеграл микросхемаларни лойиҳалаш (IC Design) соҳаларида касбий тайёргарлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Penang Skills Development Centre 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, электроника ва микроэлектроника саноати, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ҳамда автоматлаштириш соҳалари учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган.
Марказнинг саноат соҳасидаги ҳамкорлари қаторига Intel, AMD, Bosch, Renesas ва OSRAM каби халқаро компаниялар киради.