7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда саноат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбекистонда саноат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда саноат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади / Фото: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси саноат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш ва унинг талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутади ҳамда Сенатга юборилди.

Таклиф этилаётган тузатишлар саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, хавфсизлик учун масъул шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган.

Жумладан, Жиноят кодексига саноат хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид нормаларни киритиш таклиф этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиладиган ўзгартишлар мансабдор шахсларнинг хавфсизлик талабларига риоя этмаслиги, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини таъминламаслиги, шунингдек, аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш бўйича талабларни бажармаслиги учун жавобгарликни белгилаш ва кучайтиришни назарда тутади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда ваколатли органларнинг вазифаларини аниқлаштириш ҳам кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.