Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Ўзбекистон – Россия Ҳукуматлараро комиссияси ва Ҳудудлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз етакчиси куни кеча бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар кенгашининг учинчи йиғилиши натижадор бўлганини олқишлади.
Ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, металлургия, тинч атом ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлашни янада кенгайтириш, саноат зоналари доирасидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чораларни кўриш ҳамда ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.