Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Яқинда Президентимиз фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини шакллантириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ишларини янги босқичга олиб чиқишдир.
Янги вазирлик олдига мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган босқичлар ва илмий фаолият ўртасида узвийликни таъминлаш, тизимни ягона ёндашув асосида бошқариш вазифаси қўйилган. Бунда таълим мазмунини замон ва меҳнат бозори талабларига мослаштириш, рақобатни ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда соҳанинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Тақдимотда янги вазирлик фаолиятини жойлардаги ҳақиқий ҳолатга таяниб ташкил этиш, такрорланувчи вазифаларни қисқартириш ва ҳудудий бўғинлар масъулиятини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бошқарувни рақамлаштириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш қарорларни ишончли маълумотлар асосида қабул қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мактабгача таълимда болани ҳар томонлама ривожлантириш, дастур ва методикаларни янгилаш ҳамда тарбиячилар малакасини оширишга эътибор қаратилди. Шунингдек, болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлаш, таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратиш бўйича таклифлар билдирилди.
Мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини изчил ривожлантириш ҳамда уларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Педагогларга методик ёрдам кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини ўтказиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.
Касбий таълим бўйича ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, техникумлар дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва уларнинг моддий базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилди. Корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълимни кенгайтириш, халқаро дастурлар ва замонавий ўқув материалларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Олий таълимда университетлар мустақиллигини кенгайтириш, бошқарув сифатини ва раҳбарларнинг натижа учун масъулиятини ошириш таклиф қилинди. Шу билан бирга, етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Илм-фан соҳасида илмий кластерларни ривожлантириш, университетлар, лабораториялар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда улар асосида янги маҳсулотлар ва корхоналар яратиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Тақдимот давомида Президентимиз таълимнинг боғчадан олийгоҳгача бўлган барча босқичлари ягона вертикаль сифатида ишлаши, айниқса мактаб ва университет ўртасидаги узвийлик мустаҳкамланиши зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир босқичда таълим сифатига эътиборни кучайтириш, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ва бу қадриятларга бутун таълим жараёнида ва илмий фаолиятда таяниш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, илмий изланишлар натижаларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, ректорлар ўз университетининг яқин ва ўрта муддатли истиқболда қандай ривожланиши ҳақида аниқ тасаввур ва режага эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқиш топширилди.