Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ҳиндистон қирғоқлари яқинида жойлашган АҚШнинг USS George Washington атом авиаташувчи кемасига ташриф буюрди. Бу ҳақда у 22 ноябрь куни ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Ташрифга оид фотосуратлар 20 ноябрь куни авиаташувчи кемасининг Instagram саҳифасида эълон қилинган. Кемада Мирзиёевани АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси ва АҚШ президентининг Жанубий ҳамда Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор кутиб олган.
Саида Мирзиёева ва Серджио Гор Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгашининг ҳамраислари ҳисобланади.
«Ушбу улкан кема қандай тузилганини кўриш, унинг ҳайратланарли технологиялари ва экипажнинг кундалик ҳаёти билан танишиш қизиқарли бўлди», деб ёзди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.
Ташриф буюрувчилар, жумладан, бошқа мамлакатлар вакиллари учун атом авиаташувчи кемаси ҳамда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг имкониятлари намойиш этилди.
USS George Washington авиаташувчи кемаси АҚШнинг биринчи президенти шарафига номланган. Кема 1990 йил 21 июль куни сувга туширилган. Унинг узунлиги 333 метр, эни 76,8 метр, палубаси майдони эса 18 минг квадрат метрни ташкил этади.
Авианосцда тахминан 90 та самолёт ва вертолёт жойлаштирилиши мумкин.