7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда алимент миқдори харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда алимент миқдори харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин
Ўзбекистонда алимент миқдори харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда вояга етмаган болалар учун алимент миқдорини яшаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда белгилашнинг янги тартибини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ-242-сон Президент фармонида сўз боради.

Ҳужжатда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастур ҳамда уларни 2027–2031 йилларда амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.

Алиментларни ҳисоблаш тартибини қайта кўриб чиқиш ташаббуси судлар мустақиллиги ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш дастурига киритилган. У аёллар ва болаларга нисбатан камситишга қарши курашни кучайтириш йўналишига тааллуқли.

Фармонда янги тартибни белгилайдиган Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ҳужжатни тайёрлаш 2027 йил июнига қадар топширилган.

Фармонда алиментнинг аниқ миқдорлари ёки янги фоиз ставкалари белгиланмаган.

Амалдаги Оила кодексига кўра, одатда бир нафар фарзанд учун ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг тўртдан бир қисми, икки нафар фарзанд учун учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ фарзанд учун эса ярми ундирилади. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволи, шунингдек, эътиборга лойиқ бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда тўлов миқдорини ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Қарор лойиҳасида ҳимоя ордери, ижтимоий-ҳуқуқий хизматлар ва хавф-хатарларни эрта аниқлаш механизмларини бирлаштириш ҳам кўзда тутилган. Аёллар ва болаларга нисбатан камситиш ҳолатлари бўйича мурожаатларни махфийликни таъминлаган ҳолда ва тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун бундай мурожаатлар билан ишлаш ва қонунчиликни қўллаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар тайёрлаш режалаштирилган.

Яна бир йўналиш хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг фарзандларига тааллуқли. Улар учун сифатли таълим олиш ва ўз қобилиятларини ривожлантириш имконини берадиган қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш ният қилинган.

Ҳужжатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул ижрочи этиб Оила ва хотин-қизлар қўмитаси белгиланган. Жараёнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Олий суд ҳам иштирок этади.

Ишга Бош прокуратура, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар ҳам жалб қилинган.

Миллий дастурни амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик бир қатор мансабдор шахслар зиммасига юклатилган. Улар қаторида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Д. Каттаҳанова, Олий суд раиси Р. Маҳмудова, Бош прокурор Н. Йўлдошев, адлия вазири А. Тошқулов ва ички ишлар вазири А. Тошпўлатов бор.

Дастур мактаб ёшидан бошлаб ҳуқуқий тарбия бериш, фуқаролар ва бизнес учун кафолатларни таъминлаш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш, шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши курашиш масалаларини ҳам қамраб олади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.