Ўзбекистон

Россия ва Ўзбекистон 2027 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади

Россия ва Ўзбекистон 2027 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади
Россия ва Ўзбекистон 2027 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари Андрей Белоусов ва Ботир Қудратхўжаев 2027 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режасини имзолади.

Ҳужжат Россия мудофаа идораси раҳбарининг Ўзбекистонга ишчи ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича имзоланди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Белоусовнинг таъкидлашича, икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражага етган ва изчил кенгайиб бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик, жумладан, Марказий Осиёда умумий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Томонлар 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик шериклик дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида ҳар йили 60 дан ортиқ тадбир ўтказилади.

Қўшинларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлиги, шунингдек, қўшма ҳарбий машғулотлар ҳамон устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Октябрь ойида Россия ва Ўзбекистон қуруқлик қўшинлари бўлинмалари «Термиз» полигонида қўшма вазифаларни бажаришни машқ қилди.

Белоусов ҳарбий хизматчиларни ўқитиш ва қуролли кучлар фаолиятига оид масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлигини ҳам қайд этди. Россия томони ўз ихтисослаштирилган ҳарбий ўқув марказларида ўзбекистонлик ҳарбийларнинг малака ошириш стажировкаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бундан ташқари, жанговар тажрибага эга россиялик инструкторлар раҳбарлигида комплекс машғулотлар ва тренинглар ўтказилмоқда.

Россия мудофаа идораси Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини ошириш ва жамоавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликни давом эттириш ниятида.

Ўз навбатида, Қудратхўжаев Ўзбекистон президентининг саломини етказди.

У ҳарбий ҳамкорлик ривожидаги ижобий суръатларни қайд этиб, Ўзбекистоннинг мудофаа ва минтақавий хавфсизлик соҳаларида Россия билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.