7
Ўзбекистон

Нукус туманида яширин алкоголь ишлаб чиқариш цехи аниқланди

Нукус туманида яширин алкоголь ишлаб чиқариш цехи аниқланди
Нукус туманида яширин алкоголь ишлаб чиқариш цехи аниқланди / Фото: Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех аниқланди.

Текширув давомида қалбаки акциз маркалари, спирт ҳамда истеъмолга яроқсиз тайёр маҳсулотлар олиб қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, фуқаро О. А. «Анхорли» маҳалласи ҳудудидаги хонадонлардан бирида ноқонуний ишлаб чиқаришни ташкил этган. У алкоголь маҳсулотларини ҳунармандчилик усулида тайёрлаган.

Тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 44 573 та штрихкод, 12 346 та қалбаки акциз маркаси, 5 062 та қопқоқ, истеъмолга яроқсиз 1 022 дона алкоголь маҳсулоти, шунингдек, 237 литр спирт ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа материаллар олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176 ва 186¹-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу Кодекснинг 176-моддаси қалбаки пуллар, акциз маркалари ёки қимматли қоғозларни ясаш ва ўтказиш учун жавобгарликни назарда тутади. 186¹-моддаси эса этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, тамаки ва никотин истеъмол қилиш қурилмаларининг ноқонуний муомаласи ёки ишлаб чиқарилиши учун жавобгарликни белгилайди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.