7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Афғонистон озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Афғонистон озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Афғонистон озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, шунингдек, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Қўмита раиси Азизбек Урунов Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Мавлавий Садр Аъзам Усмоний бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистон Афғонистонга 1,33 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилган. Етказиб берилган маҳсулотлар қиймати 429,9 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 фоизга юқори бўлган.

Музокаралар давомида Афғонистондан гилос ва ўрик импорт қилишни бошлаш учун фитосанитария хавфларини таҳлил қилиш ишларини якунлаш имконияти кўриб чиқилди. Шунингдек, Афғонистон картошкаси етказиб бериш ҳажмини 300 минг тоннага етказиш масаласи муҳокама қилинди.

Афғонистоннинг гўштни қайта ишлаш корхоналарини тегишли реестрга киритиш жараёнини тезлаштириш, мамлакат ветеринария хизматини аудитдан ўтказиш ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда инспекциялар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда етиштирилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспортини Афғонистонга кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида иштирокчилар белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш, соҳа мутахассислари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва мавжуд масалаларни босқичма-босқич ҳал этишга келишиб олдилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.