Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Навоийуран» давлат корхонаси ва Япониянинг Marubeni Corporation компанияси уран қазиб олиш жараёнларига рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди. Компаниялар вакилларининг ишчи онлайн учрашуви 2026 йил 2 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Навоийуран» давлат корхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Marubeni таркибидаги рақамли ва технологик ечимлар ишлаб чиқишга ихтисослашган Dolbix Consulting бўлинмаси ҳам иштирок этди.
Томонлар асосий эътиборни замонавий технологияларни қўллаш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятларига қаратди. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, технологик ускуналардан фойдаланишни такомиллаштириш, қудуқларни рақамлаштириш ва маҳсулдор эритмаларни қайта ишлашни автоматлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда илғор технологик ечимлардан фойдаланиш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди ва биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Муҳокама «Навоийуран» ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган технологик ечимларни излаш доирасида ўтказилди. Айни пайтда корхона хабарида аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш муддатлари ва эҳтимолий инвестициялар ҳажмига оид маълумотлар келтирилмаган.