Иқтисод

«Навоийуран» ярим йилда тушум ва соф фойдасини икки баравар оширди

«Навоийуран» ярим йилда тушум ва соф фойдасини икки баравар оширди
«Навоийуран» ярим йилда тушум ва соф фойдасини икки баравар оширди / Фото: «Навоийуран».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Навоийуран» давлат корхонаси 2026 йилнинг биринчи ярмида тушумини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109,2 фоизга ошириб, 795 млн АҚШ долларига етказди. Соф фойда эса 132 фоизга ўсиб, 348 млн долларни ташкил қилди. Бу ҳақда «Навоийуран» давлат корхонаси хабар берди.

Компания маълумотларига кўра, бундай натижа табиий уран сотиш ҳажми ва унинг ўртача сотув нархи ошгани ҳисобига таъминланган. Сотувнинг ўртача нархи U3O8 бир фунти учун 68,71 доллардан 86,06 долларгача, яъни 25 фоизга кўтарилди. Бир йил аввал олти ойлик тушум 380 млн доллар, соф фойда эса 150 млн доллар бўлган.

Январь–июнь ойларида ялпи фойда 93,2 фоизга — 219 млн доллардан 423 млн долларга, операцион фойда эса 118,3 фоизга — 186 млн доллардан 406 млн долларга ўсди. EBITDA кўрсаткичи 113,8 фоизга ошиб, 2025 йил биринчи ярмидаги 223,2 млн долларга нисбатан 477,2 млн долларга етди. EBITDA бўйича рентабеллик 2,7 фоиз бандга ошиб, 56,5 фоиздан 59,2 фоизга кўтарилди.

Операцион фаолиятдан олинган соф пул оқими 49,6 фоизга ўсиб, 191 млн доллардан 285 млн долларга етди. Умумий пул харажатлари (TCC) U3O8 бир фунти учун 14,7 долларни, жами қўллаб-қувватловчи пул харажатлари (AISC) эса 31,97 долларни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида капитал қўйилмалар 267,4 млн долларга етди. Унинг 141,2 млн доллари конларни ўзлаштиришга, 91,6 млн доллари асосий воситаларни харид қилишга, 34,6 млн доллари эса геология-қидирув ишлари ва конларни баҳолашга йўналтирилди.

2026 йил апрель ойида «Навоийуран» Навоий вилоятидаги Қизилқоқ конида уранни саноат миқёсида қазиб олишни бошлади. Бу компаниянинг ҳажми бўйича учинчи йирик кони ҳисобланади. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 1 200 тоннани, ҳисоб-китобларга кўра фойдаланиш муддати эса 15 йилни ташкил этади. Қазиб олиш кислороддан фойдаланган ҳолда ер остида танлаб эритиш усулида амалга оширилмоқда. Компания ишлар ривожланиши билан Қизилқоқнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши ортиб боришини кутмоқда.

«Навоийуран» бош директори Жамол Файзуллаев Арнасой ва Жонгелди конларини ўзлаштириш ишлари ҳам параллель равишда олиб борилаётганини маълум қилди. «Биз минерал-хомашё базасини кенгайтириш, қазиб олишнинг замонавий технологияларига инвестиция киритиш ва янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни давом эттирамиз», — деди у. Ушбу вазифалар Президент томонидан белгиланган топшириқлар, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда 2030 йилгача уран қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини оширишга қаратилган давлат дастури билан боғлиқ экани қайд этилди.

Келгусида компания геология-қидирув ишлари ва конларни, жумладан, истиқболли майдонларни ўзлаштиришни давом эттириш, ер остида танлаб эритиш технологияларини қўллаш кўламини кенгайтириш ҳамда халқаро тармоқ ҳамкорлари билан алоқаларни ривожлантиришни режалаштирмоқда.

«Навоийуран» уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллайди. Компания 43 та уран конида фаолият юритади. Унинг минерал-хомашё базаси 151 100 тонна уранни ташкил этади. Бу ҳажмнинг қарийб 96 600 тоннаси JORC стандартлари бўйича тасдиқланган захиралар ҳиссасига тўғри келади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.