Биржалар

«Тошкент» республика фонд биржаси расмий сайтини янгилади

«Тошкент» республика фонд биржаси расмий сайтини янгилади
«Тошкент» республика фонд биржаси расмий сайтини янгилади / Фото: «Тошкент» республика фонд биржаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» республика фонд биржаси расмий веб-сайти — uzse.uz платформасини янгилади.

Ўзгаришлар сайт дизайни, навигацияси ва техник инфратузилмасини қамраб олди. Янгиланиш биржанинг янги рақамли порталини яратиш йўлидаги биринчи босқич бўлди. Унинг функционал имкониятлари инвесторлар, эмитентлар ва бозорнинг профессионал иштирокчилари учун электрон хизматларни жорий этиш ҳисобига кенгайтирилади.

Янгиланган сайтда турли тоифадаги фойдаланувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ахборот тузилмаси такомиллаштирилди. Бу зарур маълумотларни излашни осонлаштириш ва сайтдан фойдаланиш жараёнини қулайлаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, сайтнинг техник инфратузилмаси ҳам оптималлаштирилди. Жумладан, серверда кэшлаш тизими жорий этилди, маълумотлар базасига ортиқча сўровлар сони камайтирилди ва автоматлаштирилган бот-трафикдан ҳимоя кучайтирилди. Check-Host сервиси ёрдамида ўтказилган текширув натижаларига кўра, бош саҳифанинг жавоб қайтариш вақти бир секунддан камни ташкил этди.

Биржа хизматларини рақамлаштиришнинг янги босқичи

Айни пайтда биржа янги рақамли портал ишлаб чиқишга киришди. Уни яратишда янгиланган сайтнинг ахборот тузилмаси ва навигация тамойилларини сақлаб қолиш, шу билан бирга, уларни янги воситалар ва электрон хизматлар билан тўлдириш режалаштирилган.

Инвесторлар учун шахсий кабинетлар, виртуал инвестиция портфеллари, акциялар ва облигацияларни таҳлил қилиш воситалари, шунингдек, даромадлилик калькуляторларини жорий этиш кўзда тутилган. Бу ечимлар фойдаланувчиларга зарур маълумотларни олиш ва молиявий ҳисоб-китобларни рақамли форматда амалга ошириш имконини беради.

Эмитентлар ва бозорнинг профессионал иштирокчилари учун листингга аризаларни электрон шаклда тақдим этиш, қимматли қоғозлар чиқарилишини моделлаштириш воситалари ҳамда бирламчи жойлаштириш билан боғлиқ электрон хизматларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Янги портални ишлаб чиқишда киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизим архитектураси рухсатсиз автоматлаштирилган сўровларни чеклаш ва ташқи ахборот тизимлари билан хавфсиз интеграцияни таъминлаш чораларини назарда тутади.

Шундай қилиб, расмий сайтнинг янгиланиши «Тошкент» республика фонд биржасининг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш бўйича изчил ишларнинг бир қисми ҳисобланади.

Янги портал биржа хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириш, молиявий маълумотларни таҳлил қилиш ва инвестиция қарорларини қабул қилиш учун қўшимча воситалар тақдим этишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.