Биржада ипотека облигациялари бўйича иккинчи битим амалга оширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» Республика фонд биржасида «Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ҳузурида ташкил этилган «UMRC SPV» МЧЖ томонидан чиқарилган ипотека облигациялари бўйича иккинчи биржа битими амалга оширилди.
Битим Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 21 февралдаги ПФ–26-сонли «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ўтказилди.
Ёпиқ обуна орқали жойлаштириш жараёнида «Агробанк» АТБ 40,14 миллиард сўмлик ипотека облигацияларини харид қилди.
Хабарда қайд этилишича, мазкур битим Президент фармонида назарда тутилган ипотека облигацияларини босқичма-босқич жойлаштириш механизмининг изчил амалга оширилаётганини тасдиқлайди.
Манба маълумотига кўра, бундай қимматли қоғозларни босқичма-босқич жойлаштириш капитал бозорида ипотека билан таъминланган облигациялар сегментини ривожлантириш, узоқ муддатли молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ҳамда ипотека бозорида замонавий молиявий механизмларни жорий этишга хизмат қилади.