Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитой инвестори, «Yong Xin Ceramics» хорижий корхонаси МЧЖ раҳбари У Хунцян билан учрашув ўтказди. Музокаралар Фарғона шаҳридаги «Фарғона Экспо» халқаро кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтди.
Томонлар корхона фаолиятини кенгайтириш, унинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Хитой капитали иштирокидаги корхона Учкўприк туманидаги «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган. Корхона керамик плитка ва керамогранит ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2025 йилда фойдаланишга топширилган.
Учрашув давомида инвестор Ўзбекистонда яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар лойиҳани янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди ва ҳамкорликни давом эттириш бўйича чора-тадбирларни келишиб олди.