Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича музокаралар жараёнининг бориши ҳамда миллий қонунчиликни халқаро савдо қоидаларига мослаштириш бўйича кейинги чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Учрашув 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳ раиси Сунг-Ё Чой (Sung-yo Choi) бошчилигидаги делегация ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров иштирок этди.
Томонлар музокаралар жараёнининг жорий ҳолати, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишини кўриб чиқди. Шунингдек, қонунчиликни халқаро савдо тизими талабларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларнинг салмоқли қисми аграр соҳага бағишланди. Томонлар қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси шартлари ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, хизматлар соҳасини тартибга солиш, халқаро савдо стандартларини қўллаш ва Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, минтақавий интеграцияни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни илгари суриш, ташқи савдо имкониятларини кенгайтириш ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кейинги қадамлар юзасидан фикр алмашди.