Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда узоқ масофага қатнайдиган поезд йўловчиларига жўнаб кетишдан олдинги ва манзилга етиб келгандан кейинги 12 соат давомида шаҳар атрофи поездларидан бепул фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинди.
Ушбу чора темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспорти орқали ички йўловчи ташишни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжат Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 11 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Бу ҳақда uznews.uz хабар бермоқда.
Лойиҳага кўра, имтиёздан узоқ масофага қатнайдиган поездларга электрон чипта харид қилган йўловчилар фойдаланиши мумкин. Бепул қатнов чиптада кўрсатилган жўнаб кетиш вақтидан олдинги 12 соат давомида, шунингдек, манзилга етиб келгандан кейинги 12 соат ичида тегишли ҳудуддаги шаҳар атрофи поездларида амал қилиши таклиф этилмоқда.
Ташаббусни амалга ошириш учун Транспорт вазирлигига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда 2027 йил 1 сентябрга қадар имтиёзни тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш ва жорий этиш таклиф қилинган.
Лойиҳада тариф механизмларини интеграция қилиш ва темир йўл ташувчиларининг ахборот тизимларини мослаштириш ҳам назарда тутилган. Бу чоралар узоқ масофали ва шаҳар атрофидаги қатнов тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур.
Тадбирлар дастури лойиҳасида таъкидланишича, ташаббус сафарларни янада қулай қилиш, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро темир йўл қатновлари ўртасидаги боғлиқликни яхшилашга қаратилган.
Таклиф ҳозирча жамоатчилик муҳокамаси босқичида турибди. Унда кўрсатилган шартлар амалдаги имтиёз эмас, балки қарор лойиҳасида назарда тутилган қоидалар ҳисобланади.