Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Кореянинг хорижий инфратузилма ва урбанизацияни қўллаб-қувватлаш корпорацияси (KIND) қўшма инвестиция компаниясини ташкил этиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув 21 октябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Иброҳим Эргашев ҳамда Корея делегацияси иштирокида бўлиб ўтди.
Томонлар аэропортларни модернизация қилиш, «ақлли шаҳарлар» концепциясини ривожлантириш ва йўл инфратузилмасини такомиллаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш механизмлари, молиявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббуслар учун устувор йўналишларни танлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида иштирокчилар инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштириш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини ўрганиш ва уларни амалга оширишнинг амалий механизмларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олди.