Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Поп туманида қиймати 105 миллион доллар бўлган «А» тоифасидаги логистика марказига тамал тоши қўйилди.
Лойиҳа халқаро «Ипак дарвозаси» логистика маркази томонидан Россия ва Уммондан келган ҳамкорлар иштирокидаги хорижий қўшма корхона билан биргаликда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Марказ 35 гектар майдонда жойлашади. Унинг йиллик ўтказиш қуввати 18 250 та юк автомобилини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 300 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, бюджетга ҳар йили 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушиши кутилмоқда.
Объектни 2027 йилнинг IV чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Тамал тоши қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, хорижий ҳамкорлар, кекса авлод вакиллари, қурувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Вилоят ҳокими бундай йирик лойиҳаларнинг ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида гапирди.
Логистика маркази халқаро стандартлар асосида барпо этилмоқда.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, марказ транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.