Иқтисод

Литванинг Synergetica компанияси таълим соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Литванинг Synergetica компанияси таълим соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Литванинг Synergetica компанияси таълим соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 октябрь куни Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Литванинг Synergetica Educational Group компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Делегацияга компания асосчиси ва бошқарув кенгаши раиси Габия Скучайте бошчилик қилди.

Томонлар Ўзбекистонда таълим соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги таълим муассасаларини ташкил этиш ва зарур инфратузилмани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Учрашув иштирокчилари лойиҳаларни молиялаштириш моделлари, давлат ва хусусий ҳамкорлар ўртасидаги мажбуриятларни тақсимлаш, шунингдек, молиявий ва операцион рискларни тақсимлаш масалаларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар муҳокама қилинди.

Томонлар истиқболли ташаббуслар учун маҳаллий ҳамкорлар ва инвестиция майдонларини танлаш бўйича фикр алмашди.

Шунингдек, манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва лойиҳаларни тайёрлашнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди.

Synergetica Educational Group — Литвада фаолият юритувчи таълим гуруҳи. Унинг таркибига SMK College of Applied Sciences, KSU International University ва Vilnius Business College киради.

2026 йил сентябрь ҳолатига кўра, гуруҳ таркибидаги таълим муассасаларида 7 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Гуруҳ 60 дан ортиқ таълим дастурини амалга оширади, унда 500 нафардан зиёд ўқитувчи ва маъмурий ходим фаолият юритади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур маълумотларни тайёрлаш масалаларини кўриб чиқди. Шунингдек, манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.