Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон пара енгил атлетика терма жамоаси вакили Асила Мирзаёрова 2026–2030 йиллар учун Осиё Паралимпия қўмитаси (APC) Спортчилар қўмитасига сайланди.
APC қўмита аъзоларининг янги таркибини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.
Спортчилар қўмитаси параспортчилар манфаатларини ифода этади ва уларнинг позициясини халқаро миқёсда етказади. Шунингдек, қўмита паралимпия ҳаракатини ривожлантиришда иштирок этади.
Мирзаёрова қўмитага сайлангани унинг Айти-Нагояда ўтаётган 2026 йилги Осиё Пара ўйинларидаги иштироки билан бир вақтга тўғри келди. 23 октябрь куни у T11 синфида узунликка сакраш бўйича финалда 5,04 метр натижа билан ғалаба қозониб, Ўйинлар рекордини ўрнатди.
Спортчи мусобақани битта олтин, битта кумуш ва битта бронза медали билан якунлади.