Спорт

Ўзбекистон паралимпиячилари яна саккизта медаль қўлга киритди

Ўзбекистон паралимпиячилари яна саккизта медаль қўлга киритди
Ўзбекистон паралимпиячилари яна саккизта медаль қўлга киритди / Фото: Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Айти-Нагояда ўтаётган 2026 йилги Осиё Пара ўйинларида яна саккизта медаль — иккита олтин, иккита кумуш ва тўртта бронза медалини қўлга киритди.

Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда Осиё рекордини ўрнатиб, ғолиб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.

Қодиров эркаклар ўртасида T71/72 синфларида 100 метрга югуриш бўйича финалда 15,40 сония натижа билан ғалаба қозонди.

Иккинчи олтин медални Муслима Одилова келтирди. У аёллар ўртасида S13 синфида 100 метрга баттерфляй усулида сузишда 1 дақиқа 7,93 сония натижа билан ғолиб бўлди. Мубинабону Халилова ушбу йўналишда 1 дақиқа 19,73 сония натижа кўрсатиб, кумуш медални қўлга киритди. Бронза медали Қозоғистон спортчисига насиб этди.

Эркаклар ўртасида T11 синфида узунликка сакраш мусобақасида Урганчбек Эгамназаров 6,17 метр натижа билан кумуш медал соҳиби бўлди.

Қобилжон Шодиев 5,74 метрга сакраб, бронза медални қўлга киритди. Мусобақада хитойлик спортчи ғолиб бўлди.

Ўзбекистон спортчилари сузиш ва диск улоқтириш бўйича яна учта бронза медалига сазовор бўлди. Лолахон Қодирова аёллар ўртасида S5 синфида орқага сузиш мусобақасида 42,97 сония натижа қайд этди.

Сардор Бахтиёров эркаклар ўртасида S7 синфида 50 метрга эркин усулда сузиш финалида 29,72 сония натижа билан учинчи ўринни эгаллади.

Бунёд Холмуродов эркаклар ўртасида F54/55/56 синфларида диск улоқтириш мусобақасида снарядни 34,70 метрга улоқтириб, бронза медалини қўлга киритди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.