Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 октябрь куни Батуми шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Грузия ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда сиёсий-дипломатик мулоқотни чуқурлаштириш, транспорт-логистика йўлакларини диверсификация қилиш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов хабар берди.
Томонлар тармоқлар кесимидаги ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва кимё саноати, энергетика ҳамда электротехника соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларининг ишбилармон доиралари ҳамда минтақалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида туристик йўналишларни ривожлантириш ва тарихий-маданий алоқаларни чуқурлаштиришни қайд этди.
Шунингдек, томонлар Буюк ипак йўли мероси салоҳиятидан фойдаланишга келишиб олди.
Вазирлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, минтақалараро шерикликни ривожлантириш ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.