Иқтисод

Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Миср қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Миср Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази (ARC) таркибидаги Боғдорчилик тадқиқотлари институти олимлари делегацияси билан учрашди. Делегацияга Аҳмад Гамеа раҳбарлик қилди.

Музокаралар давомида томонлар замонавий агротехнологияларни жорий этиш, илмий алмашинувни кенгайтириш ва икки мамлакат тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқди.

Аҳмад Гамеа ARC фаолиятининг асосий йўналишлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш, илғор деҳқончилик усулларини ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича маълумот берди.

Учрашувда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, фермер хўжаликларида замонавий технологияларни жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, «Uzagrostar» холдинги билан ҳамкорлик қилиш ва қўшма аграр лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг Миср билан тарихий алоқаларига, жумладан, Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий меросига тўхталиб ўтди.

IX асрда яшаган олим Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчаш учун мўлжалланган ниломер иншоотини яратишда иштирок этган. Ушбу иншоот сув ресурсларини кузатиш ва қишлоқ хўжалиги ишларини режалаштиришда муҳим аҳамият касб этган.

Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.