Спорт

Ўзбекистон Осиё Пара ўйинларида бир кунда 14 та медаль қўлга киритди

Ўзбекистон Осиё Пара ўйинларида бир кунда 14 та медаль қўлга киритди
Ўзбекистон Осиё Пара ўйинларида бир кунда 14 та медаль қўлга киритди / Фото: Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси 23 октябрь куни Айти-Нагояда ўтказилаётган 2026 йилги Осиё Пара ўйинларида 14 та медаль — бешта олтин, тўртта кумуш ва бешта бронза медалини қўлга киритди. Икки нафар спортчи Осиё рекордларини, яна уч нафар спортчи эса Ўйинлар рекордларини янгилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.

Энг юқори натижаларга енгил атлетикачи аёллар эришди. T12 тоифасида аёллар ўртасида узунликка сакраш бўйича финалда ўзбекистонлик спортчилар дастлабки икки ўринни эгаллади. Ҳусния Олимжонова 5,46 метр натижа билан чемпионликни қўлга киритиб, Ўйинлар рекордини ўрнатди. Ёқутхон Холбекова эса 5,44 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. Бронза медали Эрон вакилига насиб этди.

T11 тоифасида узунликка сакраш баҳсларида Аcила Мирзаёрова олтин медални қўлга киритди. Унинг 5,04 метрлик натижаси ҳам Ўйинлар рекорди бўлди.

Шаҳризода Темирова 4,73 метр натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Кумуш медаль Хитой спортчисига насиб этди. Мирзаёрова мусобақадаги иштирокини учта медаль — олтин, кумуш ва бронза билан якунлади.

F46 тоифасида аёллар ўртасида ядро улоқтириш баҳсларида 13,16 метр натижа билан ғолиб чиққан Каромат Омонова Осиё рекордини ўрнатди.

Шаҳинахон Йигиталиева снарядни 11,72 метрга улоқтириб, бронза медалини қўлга киритди. Иккинчи ўринни Хитой спортчиси эгаллади.

F32 тоифасида эркаклар ўртасида клуб улоқтириш мусобақасида Хуршид Қодиров ғолиб бўлди. Унинг 36,11 метрлик натижаси Ўйинларнинг янги рекорди сифатида қайд этилди. Суннат Ботиров эса 33,67 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Сузиш бўйича баҳсларда яна бир Осиё рекорди ўрнатилди. S13 тоифасида эркаклар ўртасида 200 метрга комплекс сузиш мусобақасида Егор Болотов 2 дақиқа 12,97 сония натижа билан ғалаба қозонди. Дмитрий Хорлин 2 дақиқа 19,91 сония натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Бронза медали Япония вакилига насиб этди.

Аёллар ўртасида SM13 тоифасида худди шу йўналишда Муслима Одилова 2 дақиқа 42,02 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Мубинабону Халилова 2 дақиқа 43,64 сония натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Мусобақада Япония спортчиси ғолиб бўлди.

Паравелоспорт бўйича эркаклар ўртасида C4–C5 тоифаларида гуруҳли шоссе пойгасида Азимбек Абдуллаев кумуш медални қўлга киритди. У масофани 1 соат 48 дақиқа 55 сонияда босиб ўтди.

Аёллар ўртасида парапауэрлифтинг бўйича жамоавий баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалига сазовор бўлди. Руза Кузиева, Рухшона Ўктамова ва Қудратой Тошпўлатовадан иборат жамоа учинчи ўрин учун баҳсда 303,09 балл тўплади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.