Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти тадбиркорлари Польшада хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафардан мақсад савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат.
Делегацияга Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг Тошкент вилоятидаги лойиҳа офиси раҳбари Дилшод Расулов бошчилик қилмоқда. Ташриф доирасида Польша давлат идоралари, тармоқ ташкилотлари ва йирик корхоналари вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Дастлабки музокаралар Польша қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Яцек Черняк билан бўлиб ўтди. Учрашувда Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш миллий маркази (KOWR) раҳбари Пётр Колада ҳам иштирок этди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, экспорт маҳсулотлари турларини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, шунингдек, транспорт-логистика масалаларини ҳал этишни муҳокама қилди.
Алоҳида эътибор Оҳангарон туманидаги Польша–Ўзбекистон савдо уйи фаолияти ва унинг икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш имкониятларига қаратилди.
Делегация, шунингдек, Wody Polskie ташкилоти вице-президенти Яцек Яжомбек ва Польша Инфратузилма вазирлиги вакиллари билан учрашди. Музокараларда сув хўжалиги ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар сув омборларини бошқариш, сув сақлаш тизимларини ривожлантириш, каналлар ва насос станциялари самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, сув хўжалигини рақамлаштиришда дронлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ вакилларининг Польша мутахассислари билан онлайн учрашувини ташкил этиш, шунингдек, соҳавий вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
Сафар иштирокчилари Польшадаги ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам ташриф буюрди. Қишлоқ хўжалиги ва коммунал техника ишлаб чиқарувчи Pronar компаниясида техника етказиб бериш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилди.
Органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва доривор ўсимликларни қайта ишлашга ихтисослашган Dary Natury корхонасида делегация ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қадоқлаш жараёнлари билан танишди.
Учрашувларда Ўзбекистонда етиштириладиган доривор ўсимликларни Польшага экспорт қилиш, жумладан, уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот шаклида етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, учрашувлар ҳудуд тадбиркорларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, илғор технологияларни ўзлаштириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Ташриф доирасида бизнес-форум ва B2B форматидаги учрашувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.