Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида Жанубий Африканинг Sasol Limited компанияси вице-президенти, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича масъул Лоуренс Якобс билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар кимё саноатидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда замонавий технологияларни жорий этиш, илғор ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Музокаралар якунида ҳар икки томон ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, улар соҳадаги истиқболли йўналишларни ўрганиш ва келгусида амалий ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш ниятида эканини таъкидлади.
Sasol Limited — Жанубий Африканинг йирик энергетика ва кимё компанияларидан бири. Компания 1950 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Сандтон шаҳрида жойлашган. У энергетика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаради ҳамда етказиб беради. Синтетик ёқилғи, газ, кимёвий моддалар ва турли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда илғор технологиялардан фойдаланади.
Sasol маҳсулотлари энергетика, кимё саноати, транспорт, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўлланилади.
«Ўзкимёсаноат» таъкидлашича, компаниянинг технологик тажрибаси ва ишлаб чиқариш салоҳияти кимё саноати самарадорлигини ошириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳамда инновацион ечимларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.