7
Иқтисод

Ўзбекистон 2050 йилгача энергетикани ривожлантириш бош режасини илк бор эълон қилади

Ўзбекистон 2050 йилгача энергетикани ривожлантириш бош режасини илк бор эълон қилади
Ўзбекистон 2050 йилгача энергетикани ривожлантириш бош режасини илк бор эълон қилади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2050 йилгача мўлжалланган Энергетикани ривожлантириш миллий бош режасини илк бор ишлаб чиқади ва уни очиқ фойдаланиш учун эълон қилади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни ёқилғи-энергетика соҳаси инвесторлари билан очиқ мулоқотда маълум қилди.

Ишлар икки босқичда амалга оширилади. Келгуси йилнинг 1 мартига қадар электр тармоқларига уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар эса тўлиқ бош режа тақдим этилади.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳужжатларда қайси ҳудудларда электр энергиясига талаб ортиши, бунинг учун қандай инфратузилма зарурлиги ва янги қувватлар қаерда энг самарали ишлаши кўрсатилади. Бу инвесторларга узоқ муддатли режаларни тузиш имконини беради.

Мирзиёев якуний нутқида бош режа ҳамкорлар билан биргаликда тайёрланишини таъкидлади.

Бош режа лойиҳаларни танлашнинг янги тартиби учун асос бўлади. Илгари кўп ҳолларда компанияларнинг ўзи электр станцияларини қуриш учун жойларни таклиф қилар эди.

Бу «яшил» энергетика қувватларини тезроқ ишга туширишга ёрдам берди, бироқ уларнинг айрим ҳудудларда тўпланишига ва электр энергиясини узатиш харажатлари ошишига олиб келди.

Президентнинг таъкидлашича, мамлакатга алоҳида электр станциялари эмас, балки ўзаро боғланган энергетика тизими керак.

Эндиликда давлат қайси ҳудудда қандай қувватлар зарурлигини олдиндан белгилайди, лойиҳаларни тайёрлайди ва уларни очиқ танловларга қўяди.

Биринчи босқичда умумий қуввати 2200 МВт бўлган олтита қуёш ва шамол электр станцияси бўйича савдолар ўтказилади.

Учрашув иштирокчилари узоқ муддатли режалаштириш тизимига ўтишни қўллаб-қувватлади. Masdar компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ар-Рамаҳий яқинда амалга оширилган ислоҳотлар ва Президент имзолаган фармон соҳа ривожланишининг 2050 йилгача бўлган аниқ йўналишини белгилаб берганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режалаштириш, ишончли шарт-шароитлар ва шаффоф тендерлар инвесторларга сармоя киритиш учун зарур бўлган барқарорлик ва олдиндан башорат қилиш имконини беради.

Ўзбекистон 2030 йилгача 22 минг МВт янги қувватларни ишга тушириш, электр энергиясининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 129 миллиард кВт·соатдан ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни режалаштирмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.