Шошилинч
Иқтисод

Суюлтирилган газ нархини 5 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинди

Суюлтирилган газ нархини 5 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинди
Суюлтирилган газ нархини 5 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 ноябрдан аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархини ҚҚС билан бир килограмм учун 5 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга харид қилинган ҳар бир килограмм газ учун 3 000 сўмдан компенсация берилади. Бунда компенсация ойига кўпи билан 20 килограмм газ учун тўланади.

Бу чоралар Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарори лойиҳасида назарда тутилган. Бу ҳақда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали хабар берди.

Ҳужжат Президентнинг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-326-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган. Ушбу қарор аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган. Мазкур қарор билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖга тегишли «LPG-Trade» МЧЖ ҳам ташкил этилган.

Лойиҳада «LPG-Trade» ва лойиҳада иштирок этувчи тадбиркорлар учун аҳолига газ етказиб бериш хизмати бўйича ҚҚС билан бир килограмм учун 1 300 сўм миқдорида энг юқори нарх белгиланмоқда. «LPG-Trade»нинг харажатлари республика бюджети ҳисобидан қопланади.

Субсидия миқдори чакана нарх билан газнинг биржа нархи ва оператор устамаси йиғиндиси ўртасидаги фарқдан, ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда, келиб чиқиб белгиланади. Унинг миқдори ҳар ойда амалда етказиб берилган газ ҳажмлари асосида ҳисобланади. Импорт гази учун ўтган ойдаги ўртача биржа нархи ҳисобга олинади.

Оператор ҳисоб-китобларни кейинги ойнинг 5-санасига қадар Энергетика вазирлигига тақдим этади. Вазирлик уларни уч иш куни ичида текшириб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборади. Ушбу вазирлик эса беш иш куни давомида маблағларни оператор ҳисобварағига ўтказади.

Агар оператор ишончсиз маълумотларни тақдим этгани ёки маблағлардан мақсадсиз фойдалангани аниқланса, улар бюджетга қайтарилиши керак бўлади.

Компенсация 2030 йил 1 январга қадар тўланади. Унинг миқдори бир оила учун ойига 60 минг сўмгача бўлади.

Тўловни олиш ҳуқуқига Ижтимоий реестрга киритилган оилалар эга бўлади. Шунингдек, реестрга киритилмаган, аммо унинг мезонларига жавоб берадиган ва ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам компенсация олиши мумкин. Оилада етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаса ҳам компенсация тўланади.

Аризани давлат хизматлари марказлари, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, маҳалладаги ижтимоий ходим, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали топшириш мумкин бўлади. Хизмат бепул кўрсатилади.

Тўлов олиш ҳуқуқи оила ва газ хариди тўғрисидаги маълумотларни солиштириш орқали автоматик тарзда текширилади. Белгиланган шартлар бажарилса, компенсация ариза берилган ойдан бошлаб тайинланади ва ижтимоий картага ўтказилади.

Кейинги тўловлар ҳар ойда қайта ариза бериш талабисиз амалга оширилади. Компенсацияни рад этишга фақат икки ҳолатда йўл қўйилади: оила тўлов олувчилар тоифасига кирмаса ёки ариза берилган ойда газ харид қилмаган бўлса.

Бунинг учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2026 йил 1 ноябрга қадар «E-gaz Billing» ахборот тизимини «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» тизими билан интеграция қилиши керак.

Лойиҳанинг алоҳида банди битта хонадонда икки ёки ундан ортиқ оила яшайдиган уйларга тааллуқли. Истисно тариқасида, бундай ҳолатларда уй-жойнинг кадастр рақами битта бўлса ҳам, ҳар бир оилага алоҳида маиший газ баллони беришга рухсат этилади.

Бунинг учун хонадонда техник талабларга жавоб берадиган газ плитаси — алоҳида ёки умумий — ҳамда ошхона бўлиши керак. «Маҳалла еттилиги» ва газ таъминоти ходимлари ушбу шартларни жойига чиқиб текширади ҳамда далолатнома расмийлаштиради.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хомашё биржаларида суюлтирилган газ нархларининг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик учун доимий назоратни йўлга қўйиши лозим.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 майга қадар суюлтирилган газнинг тартибга солинадиган нархларини эркинлаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.