Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг технологик компаниялари Ўзбекистонда ўз иштирокини кенгайтириш ва маҳаллий офислар очиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
14 октябрь куни IT Park Uzbekistan вакиллари Qianfan Tuohai Consulting Services (Shenzhen) Co., Ltd. делегацияси билан Ўзбекистон бозорига кириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.
Музокаралар давомида хитойлик иштирокчилар ўз ишланмалари ва фаолиятининг асосий йўналишларини тақдим этди.
Томонлар Ўзбекистонда бизнес юритиш билан боғлиқ амалий масалаларни, жумладан, юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш, офис биноларини танлаш ҳамда IT Park Uzbekistan томонидан хорижий компаниялар учун тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларини кўриб чиқди.
Mingshang Technology Co., Ltd. ва Shenzhen Jurui Cloud Control Technology Co., Ltd. компаниялари мамлакатда маҳаллий тузилмалар ташкил этишга қизиқиш билдирди. Компания вакиллари Ўзбекистонда фаолият юритишнинг мумкин бўлган шакллари ва IT Park Uzbekistan билан ҳамкорлик истиқболларини ўрганди.
IT Park Uzbekistan Экспортни ривожлантириш департаменти директори Жаҳонгир Қодиров делегацияга миллий IT-экотизимнинг ҳолати ва хорижий технологик инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказлари инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари алоҳида муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокида амалга оширилаётган Khan Tengri Innovation Hub ташаббусини ҳам кўриб чиқди.
Лойиҳа Марказий Осиё технологик компанияларининг Хитой шаҳарлари, жумладан, Шэньчжэнь бозорига чиқишига, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишига ва Хитой технологик компаниялари орасидан ҳамкорлар топишига кўмаклашишга қаратилган.
Музокаралар якунида томонлар бизнесни рўйхатдан ўтказиш, офис майдонларини танлаш ва хорижий компаниялар учун мавжуд қўллаб-қувватлаш воситаларидан фойдаланиш масалалари бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олди.
Муҳокамалар Хитой IT-компанияларининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйишини ташкил этиш билан бир қаторда, рақамли ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасидаги эҳтимолий ҳамкорликни ҳам қамраб олди.