Молия

Ўзбекистонда UZONIA га боғланган облигациялар чиқарилиши мумкин

Ўзбекистонда UZONIA га боғланган облигациялар чиқарилиши мумкин
Ўзбекистонда UZONIA га боғланган облигациялар чиқарилиши мумкин / Фото: CBU.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон Марказий банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакиллари давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш истиқболларини, жумладан, банклараро UZONIA индикаторига боғланган сузувчи фоиз ставкали облигацияларни чиқариш имкониятини муҳокама қилди.

Учрашув ХВЖнинг давлат облигациялари бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган техник миссияси якунлари бўйича бўлиб ўтди.

Асосий мавзулардан бири даромадлилиги UZONIA индикатори асосида ҳисобланадиган қимматли қоғозларни жорий этиш имконияти бўлди. Жамғарма экспертларининг фикрича, бозордаги жорий вазият бундай молиявий инструментларни босқичма-босқич, дастлаб пилот режимида жорий этиш учун шароит яратиши мумкин.

ХВЖ мутахассислари баҳолашича, UZONIA га боғланган облигациялар банклар учун узоқ муддатли молиялаштиришнинг янада барқарор манбаини таъминлаши, қисқа муддатли қарзларга қарамликни камайтириши ва пул-кредит сиёсати сигналларининг иқтисодиётга узатилишини кучайтириши мумкин.

Бундан ташқари, томонлар ушбу индикатордан банк ва молиявий маҳсулотларда фойдаланиш кўламини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, шартлари UZONIA динамикасини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин бўлган депозитлар, кредитлар ва фоиз своплари масалалари муҳокама қилинди.

Бундай инструментлардан фойдаланиш молия бозори иштирокчиларига фоиз ставкаларининг ўзгариши билан боғлиқ хатарларни янада самарали баҳолаш ва назорат қилишда ёрдам бериши мумкин.

Иштирокчилар, шунингдек, бозорнинг янги маҳсулотларни жорий этишга тайёрлиги, уларни ишга туширишнинг эҳтимолий муддатлари ва бунинг учун зарур бўлган кейинги чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон давлат қимматли қоғозлари бозорини чуқурлаштириш ва унинг барқарорлигини ошириш мақсадида ҳамкорликни ҳамда қўшма тадқиқотларни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.