Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда киберхавфсизлик талабларини кучайтириш ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат банк операциялари хавфсизлигини ошириш ва мижозларнинг ўз маблағларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартишларни назарда тутади.
Жумладан, SMS-кодларга қўшимча равишда биометрик идентификация ва фойдаланувчи қурилмасига боғланган ҳолда операцияларни тасдиқлаш усулларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, мижозларга банк ҳисобварақларидаги пул маблағларининг исталган қисмини мустақил равишда блоклаш ва блокдан чиқариш имкониятини бериш режалаштирилган. Фирибгарликдан ҳимоя қилиш мақсадида шубҳали операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш механизмини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Алоҳида талаблар қурилмаларни зарарли дастурий таъминотдан ҳимоя қилишга тааллуқли. Агар банк мижоз қурилмасида зарарли дастурларни аниқласа, бу ҳақда унга бир соат ичида хабар бериши шарт бўлади. Бундан ташқари, лойиҳада бундай қурилма орқали айрим муҳим операцияларни амалга оширишга чекловлар ўрнатиш назарда тутилган.
Биометрик текширувдан ўта олмайдиган фуқаролар учун шахсни тасдиқлашнинг муқобил усулларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳа банкларни киберинцидентлар ҳақида Марказий банкка 24 соат ичида хабар беришга ҳам мажбурлайди. Шу билан бирга, ҳамкор ташкилотлар билан ахборот алмашинуви хавфсизлигига оид талаблар белгиланмоқда.
Лойиҳа билан танишиш ва таклифлар юбориш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамаси порталидаги саҳифага мурожаат қилиш мумкин.
Марказий банк фуқароларга эҳтиёт чораларига риоя қилиш, SMS-кодлар, банк карталари маълумотлари ва паролларни бегона шахсларга бермаслик зарурлигини эслатди.
Банк ходимлари телефон орқали бундай махфий маълумотларни сўрамайди.