Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Ўзбекистон Президентининг ташрифи ва Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 13-саммити доирасида Анқарада бўлиб ўтган ТДТнинг оила ва аёллар масалалари бўйича кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Кенгаш саммит доирасида туркий мамлакатларнинг оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида таъсис этилган.
Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқалари иштирокидаги Олий фахрий кенгаш йиғилиши «Бирдамликдан институционал ҳамкорлик сари: туркий дунёда оила ва аёллар» шиори остида ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни тақдим этди.
«Аёлнинг билими ва меҳнати қадрланса, оилада ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳукм сурса, бутун жамият янада мустаҳкам бўлади», — деди у.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Биринчи хоними оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни таклиф қилди. Шунингдек, болалар ва ўсмирлар учун хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш зарурлигига алоҳида тўхталди.
Нутқи якунида Зироат Мирзиёева учрашувни ташкил этган Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоғанга миннатдорлик билдирди.
У йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш, аёллар имкониятларини кенгайтириш ва болаларнинг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилишига умид билдирди.