Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сув сифатини мунтазам мониторинг қилиш унинг таркибидаги ўзгаришларни кузатиш, ифлослантирувчи моддаларни аниқлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Миллий экологик мониторинг маркази билан ҳамкорликда Сирдарё ҳавзасидаги трансчегаравий сув оқимларини кузатиш ишларини қўллаб-қувватламоқда.
Ушбу ишлар доирасида ер усти сувлари ва туб чўкиндиларининг кимёвий таркиби ўрганилмоқда. Бу мутахассисларга дарёнинг юқори оқимида жойлашган тоғ-кон ва саноат корхоналари чиқиндилари, шунингдек, бошқа манбалар билан боғлиқ ифлосланиш хавфларини баҳолаш имконини беради.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен қуйидагиларни таъкидлади:
«Биз бир неча йилдан буён миллий ҳамкорларимизни Сирдарё ҳавзасида сув сифати ва ифлосланиш даражасини мониторинг қилишда қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз.
Сув ва табиий ресурслар давлат чегараларини билмайди. Миллий ҳамкорларимиз қўшни мамлакатлардаги ҳамкасблари билан яқин ҳамкорлик қилади ва ЕХҲТ кўмагида ўтказиладиган мониторинг натижасида олинган маълумотларни алмашади. Бу шаффофликни оширади ва умумий экологик муаммоларга ечим топишга ёрдам беради».
Миллий экологик мониторинг маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Зафар Қаюмовнинг сўзларига кўра, ЕХҲТ билан кўп йиллик ҳамкорлик экологик таҳлил соҳасидаги миллий салоҳиятни мустаҳкамлади.
Олинган маълумотлар ифлосланиш тенденцияларини кузатиш, аҳоли ва экотизимлар учун хавфларни баҳолаш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қарорлар қабул қилиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори сув сифатини мониторинг қилиш ва трансчегаравий маълумотлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш орқали миллий ҳамкорларга экологик хавфларни ўз вақтида аниқлашда ёрдам бермоқда.
Бу умумий сув ресурсларини барқарор бошқаришга ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.