Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Уммон парламентлараро алоқаларни фаоллаштиришга келишди

Ўзбекистон ва Уммон парламентлараро алоқаларни фаоллаштиришга келишди
Ўзбекистон ва Уммон парламентлараро алоқаларни фаоллаштиришга келишди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Уммон Султонатида ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида Уммон Маслаҳат кенгаши раиси Холид ал-Маавали билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар давомида икки мамлакат раҳбарларининг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги муносабатлар ривожланаётгани, давлатлар ўртасида шериклик алоқалари шакллангани таъкидланди.

Нуриддин Исмоилов Уммон томонини Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолияти, қонунчилик ташаббуслари устида олиб борилаётган ишлар, парламент назорати ҳамда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш чоралари ҳақида маълумот берди.

Холид ал-Маавали, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни эътироф этди. У ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этганини эслаб, мамлакатдаги ислоҳотлар унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

Учрашувда парламентлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қонун чиқарувчи органларнинг тегишли қўмиталари ўртасида тажриба алмашиш, парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ва ўзаро манфаатли йўналишлардаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон парламенти делегациясининг Уммонга ташрифи давом этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.