7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда бизнес ҳисобварақларини блоклаш тартиби ўзгарди

Ўзбекистонда бизнес ҳисобварақларини блоклаш тартиби ўзгарди
Ўзбекистонда бизнес ҳисобварақларини блоклаш тартиби ўзгарди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда солиқ тўловчилар тегишли солиқ органи қарорига эътироз билдирган ҳолларда уларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартиби ўзгартирилди.

Бундай ҳолларда масала солиқ органининг аризаси асосида судда кўриб чиқилади. Ариза эътироз тақдим этилганидан кейин уч кундан кечиктирмай берилиши керак. Ўзгартишлар 2026 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1183-сон қонунда назарда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.

«Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда Солиқ кодексининг 111 ва 112-моддаларига, шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексга тегишли ўзгартишлар киритилиши белгиланган.

Янги нормаларга мувофиқ, солиқ тўловчи ёки солиқ агентининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилиши мумкин.

Агар солиқ тўловчи ёки солиқ агенти ушбу қарорга рози бўлмаса, солиқ органи белгиланган уч кунлик муддатда тегишли ариза билан судга мурожаат қилиши шарт. Суд қарори қабул қилингунига қадар банк ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилади.

Киритилган ўзгартишлар чекловларни бекор қилиш шартларини ҳам белгилайди. Агар солиқ тўловчи ёки солиқ агенти Солиқ кодексининг 111-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни бартараф этса, солиқ органи 112-моддага мувофиқ операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилади.

Банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш учун қўшимча асос сифатида операцияларни тўхтатиб туришни рад этиш ҳақидаги суд қарорининг қонуний кучга кириши ҳам белгиланди. Ушбу қоида Солиқ кодексининг 112-моддаси биринчи қисмига киритилди.

Иқтисодий процессуал кодексга киритилган ўзгартишлар солиқ органининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризасига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхатини белгилайди.

Улар қаторига солиқ тўловчининг операцияларни тўхтатиб туришга асос бўлган қонунчилик талабларини бузганини тасдиқловчи далиллар, солиқ органининг тегишли хабарномаси солиқ тўловчига юборилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, қабул қилинган қарор юзасидан солиқ тўловчининг эътирози киради.

Қонун тадбиркорларга нисбатан тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган бўлиб, банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорлар устидан шикоят қилишда юзага келадиган низоларни суд тартибида кўриб чиқишни белгилайди.

Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.