7
Спорт

Ўзбекистон Осиё Параўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди

Ўзбекистон Осиё Параўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди
Ўзбекистон Осиё Параўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси Aichi-Nagoya 2026 Осиё Параўйинларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.

Мамлакат спортчилари пара дзюдо, парапауэрлифтинг, шоссе велоспорти, узунликка ва баландликка сакраш, шунингдек, диск улоқтириш мусобақаларида шоҳсупага кўтарилди.

Парапауэрлифтинг бўйича Бекзод Жамилов ва Рухшона Ўктамова олтин медалларни қўлга киритди. Жамилов эркаклар ўртасида 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида ғолиб бўлди. У финалда 229 килограмм оғирликни кўтарди.

Ушбу вазн тоифасида Ироқ спортчиси 222 килограмм натижа билан кумуш, Хитой вакили эса 215 килограмм кўрсаткич билан бронза медалига сазовор бўлди.

Ўктамова аёллар ўртасида 67 килограммгача бўлган вазн тоифасида 127 килограмм натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади.

Пара дзюдо мусобақаларида Ўзбекистон яна иккита олтин медални қўлга киритди. Довурхон Кароматов эркаклар ўртасида J2 тоифасининг 95 килограммгача бўлган вазн йўналишида ғолиб бўлди. У айлана тизимида ўтказилган мусобақадаги барча беллашувларда ғалаба қозонди.

Аёллар ўртасида J2 тоифасининг 70 килограммдан юқори вазн йўналишида Моҳинур Пармонова кумуш, Ҳабиба Жўраева эса бронза медалини қўлга киритди. Пармонова учта ғалаба ва битта мағлубият қайд этган бўлса, Жўраева мусобақани иккита ғалаба ва иккита мағлубият билан якунлади. Феруза Эргашева ҳам J1 тоифасининг 70 килограммдан юқори вазн йўналишида бронза медалига сазовор бўлди.

Шоссе велоспорти бўйича Маржона Пардабоева T1–2 тоифасида аёллар ўртасидаги алоҳида стартли пойгада 25:58.04 натижа билан ғолиб чиқди.

Одина Ҳамдамова 31:36.76 натижа билан финишга иккинчи бўлиб етиб келди. Эркаклар ўртасида мазкур тоифада ўтказилган пойгада Жаҳонгир Халилов 20:56.10 натижа билан учинчи ўринни эгаллади.

B тоифасида (тандем) аёллар ўртасидаги алоҳида стартли пойгада Робияхон Тошпўлатова етакчи спортчи Ольга Забелинская билан биргаликда иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди. Уларнинг натижаси 32:45.82 ни ташкил этди.

Енгил атлетика бўйича Ботир Муҳаммедов T13 тоифасида узунликка сакраш мусобақасида 6,24 метр натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Темурбек Гиёсов эса T64 тоифасида баландликка сакрашда 1,86 метрлик баландликни забт этиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Диск улоқтириш бўйича аёллар ўртасида F56/57 тоифасида Моғигул Шаробидинова Ўзбекистон терма жамоасига яна бир кумуш медални тақдим этди.

Унинг натижаси 25,12 метрни ташкил этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.