7
Ўзбекистон

Мирзиёев болаларни ҳимоя қилишда давлатларни ҳамкорликка чақирди

Мирзиёев болаларни ҳимоя қилишда давлатларни ҳамкорликка чақирди
Мирзиёев болаларни ҳимоя қилишда давлатларни ҳамкорликка чақирди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Самарқандда очилган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланиши йўли» мавзусидаги Жаҳон саммити иштирокчиларига мурожаат қилди.

Давлат раҳбари болаларни ҳаётларининг илк кунларидан бошлаб қўллаб-қувватлаш, болалар онкологиясини ривожлантириш, хавфсиз рақамли муҳитни таъминлаш ва болаларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтиришга эътибор қаратишни таклиф қилди. Шунингдек, амалий мулоқот учун Самарқанд платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Мирзиёев саммитни ташкил этишда иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси ва бошқа ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

«Ҳар бир бола ҳозирнинг ўзидаёқ меҳр-муҳаббат, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Унинг қадр-қиммати келажакда ким бўлиши ёки қандай даромад келтириши билан ўлчанмайди», — деди Президент. Унинг таъкидлашича, болалик учун йўналтириладиган маблағлар давлат сиёсатида изчил ва барқарор ўрин эгаллаши керак.

Давлат раҳбари амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ҳам келтирди. Хусусан, туғруқ вақтидаги оналар ўлими ва болаларда ўсишдан ортда қолиш ҳолатлари икки бараварга камайди.

Мактабгача таълим билан қамров 27,7 фоиздан 78 фоизга етди. Олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёргарлик жараёнига жалб қилинган. Олий таълим билан қамров эса беш бараварга — 9 фоиздан 45 фоизга ошди.

Оила ва болаларнинг эҳтиёжларини эрта босқичда аниқлашга асосланган ижтимоий ҳимоя тизими туфайли сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб тўрт бараварга қисқарди.

Сўнгги икки йилда инклюзив мактаблар сони беш бараварга кўпайди, ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматлари билан қамраб олинди. Бугунги кунда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган барча болалар оилаларда тарбияланмоқда.

Мирзиёев ўзбек халқининг «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган мақолини ёдга олди. Унинг фикрича, бугунги кунда мазкур анъанани давлатнинг аниқ кафолатлари, малакали мутахассислар фаолияти ва ҳар бир боланинг шахсий дахлсизлигига ҳурмат билан янада мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистонда ҳар бир бола, миллатидан, тилидан, эътиқодидан, соғлиғи ёки оиласининг даромадидан қатъи назар, савол бериш, мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва билим олиш имкониятига эга бўлиши керак.

Қуролли можаролар, мажбурий кўчиш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлар болалар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган Президент ҳамкорликнинг бир нечта амалий йўналишини таклиф қилди.

Биринчи йўналиш — болаларни энг эрта ёшдан бошлаб узлуксиз қўллаб-қувватлаш. Бунда оналар саломатлиги, тўғри овқатланиш, эрта ривожланиш ва мактабгача таълим ўзаро боғлиқ бўлиши лозим.

Иккинчи йўналиш — болалардаги оғир касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш. Бу, жумладан, болалар онкологияси соҳасида тажриба алмашиш, диагностика сифатини ошириш ва сифатли дори-дармонлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.

«Боланинг қаерда яшаши унинг тиббий ёрдам олиш имкониятини чекламаслиги керак», — деб таъкидлади Мирзиёев.

Ўзбекистон Биринчи хонумларнинг болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Президентнинг фикрича, ушбу ташаббуснинг жамоатчилик ва хайрия салоҳияти тиббиёт экспертларининг тавсияларига, эҳтиёждан келиб чиқиб ёрдам кўрсатишга ҳамда маблағларнинг шаффоф сарфланишига асосланиши лозим.

Учинчи йўналиш — хавфсиз таълим ва рақамли муҳитни таъминлаш. Президент кибербуллинг, эксплуатация ва шахсий маълумотлардан суиистеъмол қилиш ҳолатларига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирди. Шунингдек, болалар, ота-оналар ва педагогларга рақамли саводхонликни ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, у болаларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини ажралмас қисмга айлантиришни таклиф қилди. Бунда иштирок этиш шакли боланинг ёшига мос, ихтиёрий ва хавфсиз бўлиши керак.

Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон амалий мулоқот механизми сифатида Самарқанд платформасини ташкил этишдан манфаатдор. У самарали тажрибаларни алмашиш, ихтиёрий қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва мавжуд ташкилотлар билан биргаликда натижаларни муҳокама қилиш учун хизмат қилиши мумкин.

Президент саммит якуний декларацияси иштирокчиларнинг умумий интилишларини акс эттиришига умид билдирди.

Унинг таъкидлашича, декларацияни амалга ошириш учун манфаатдор ҳамкорлар билан биргаликда аниқ масъуллар, ресурслар ва муддатлар белгиланган режаларни ишлаб чиқиш муҳим. Эришилган натижалар эса келишилган кўрсаткичлар асосида очиқ муҳокама қилиниши лозим.

Мирзиёев ёрдамсиз қолиб кетаётган болаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.